Бобур ижодидан: маснавий, рубоий ва туюқлар

Поделиться
HTML-код
  • Опубликовано: 7 сен 2024
  • Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидан: маснавий, рубоий ва туюқлар
    МАСНАВИЙ
    * * *
    Сабо, ул гул ҳаримиға гузар қил,
    Менинг ҳолимдин ул гулга хабар қил.
    Саломим еткур ул ороми жонға,
    Яна мундоқ дегил ул дилситонға:
    «Юзунгни кўрсатиб, кўнглумни олдинг,
    Олиб кўнглумни, кўздин мени солдинг.
    Дегил дилдорлиғ мундоқ бўлурму?
    Тариқи ёрлиғ мундоқ бўлурму?
    Сени мундоқ тасаввур қилмас эрдим,
    Бу янглиғ раҳмсиз ҳам билмас эрдим.
    Сени деб икки оламдин кечибмен,
    Рафиқу ёру ҳамдамдин кечибмен.
    Замоне қилмадим сендин фароғат,
    Вале бордур сенга мендин фароғат.
    Мени аввал ўзунгга ҳамдам эттинг,
    Ёна билмон нега номаҳрам эттинг.
    Сўзунгким Хизр суйидин нишондур,
    Вале ул сув киби мендин ниҳондур.
    Не яъни мунча биздин сўз ёшурмоқ,
    Жафо ойинини ҳаддин ошурмоқ?
    Бировнингким, бировдин кўнгли қолур,
    Киши юз сўз била кўнгулни олур.
    Ажабким мендин, эй дилдор, тўйдунг,
    Менинг кўнглумни бир сўз бирла қўйдунг.
    Узатма мунча ҳам, Бобур, сўзунгни,
    Бу сўзлар бирла хор этма ўзунгни.
    Агарчи кўп сўзунг бор, мухтасар қил,
    Ул ойға сўзинг аслидин хабар қил.
    Гар ул сўзким ёшурдунг айтмассен,
    Бу янглиғ одатингдин қайтмассен.
    Сенинг севмаслигингни жазм этармен,
    Бош олиб ўзга бир сори кетармен.
    Агар ботроқ йибормассен жавобим,
    Бу хатдин ортуқ ўлур печу тобим».
    РУБОИЙЛАР
    * * *
    Эй гул, не учун қошингда мен хор ўлдум?
    Юз меҳнату андуҳ била ёр ўлдум!
    Васлинг била бисёр севиндум аввал,
    Ҳажринг била оқибат гирифтор ўлдум.
    * * *
    Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,
    Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.
    Кўнглум бу ғариблиқда шод ўлмади оҳ,
    Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши.
    * * *
    Кўнгли тилаган муродиға етса киши,
    Ё борча муродларни тарк этса киши.
    Бу икки муяссар бўлмаса оламда,
    Бошини олиб бир сориға кетса киши.
    * * *
    Эй ёр, сенинг васлинга етмак мушкил,
    Фархунда ҳадисингни эшитмак мушкил,
    Ишқингни доғи бартараф этмак мушкил,
    Бошни олибон хар сори кетмак мушкил.
    * * *
    Ҳижрон қафасида жон қуши рам қиладур,
    Ғурбат бу азиз умрни кам қиладур.
    Не навъ битай фироқу ғурбат шарҳин -
    Ким кўз ёши номанинг юзин нам қиладур.
    * * *
    Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди,
    Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.
    Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
    Ваҳ-ваҳ нетайин, не юз қаролиғ бўлди?
    ТУЮҚЛАР
    * * *
    Меҳрким, кўкка қилур оҳанг тонг,
    Ойда бўлса эмас беранг тонг.
    Ҳолию икки лабидек бўлмоғи
    Ҳинду ар келтурса шаккар танг-тонг.
    * * *
    Мени беҳол айлаган ёр ойдурур -
    Ким анинг васли менга ёройдурур.
    Гар висоли бўлмаса кетар ёрим
    Ё Хуросон, ё Хитой, ё Райдурур.
    * * *
    Улки, ҳар кўзи ғазоли Чиндурур,
    Қошида пайваста онинг чиндурур.
    Чунки кўп ёлғон айтти ул манга,
    Гар десам ёлғончи ани чиндурур.
    * * *
    Жонға солди даф ғурбат норини,
    Кўз ёшим бўлди мўғулнинг норини.
    Бу арода мен дегандек бўлмаса,
    Кўзлай Иссиғкўлу ундин норини.

Комментарии •