Сунъий интеллект: инсоният учун таҳдидми ёки ёрдамчи?

Поделиться
HTML-код
  • Опубликовано: 9 сен 2024
  • Одатда роботлар деганда кўпчиликнинг кўз олдига инсонлардек гаплаша оладиган, уларнинг ўрнига барча юмушларни бажара оладиган ёрдамчилар келади. Сир эмаски бугунги кунда ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга янги омил - сунъий интеллект жадаллик билан кириб келди ва кундалик турмушимизда ҳам фаол иштирок этмоқда. Aйтайлик, мобил қурилмангиздаги дастурлар: “google translate”, луғатлар, турли хил ўйинлар ва ҳоказолар ҳам сунъий интеллектга яққол мисол бўла олади.
    “Artificial intelligence” деб аталувчи “сунъий онг” муайян вазифаларни бажаришда инсон хатти-ҳаракатига тақлид қилишга қодир бўлган тизим ёки технология бўлиб, олинган маълумотлардан фойдаланиб аста-секин мукаммаллашиб боради. Умуман олганда бу технология формат ҳам, функция ҳам эмас, балки жараён бўлиб, маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш кабиларни ўз ичига олади.
    Соҳанинг келажаги ҳақида гап кетганда “сунъий ақл” инсоният учун фойда келтирадими ё зарар деган баҳс-мунозаралар қарийб 50 йилдан бери давом этиб келмоқда. Олимлар ҳанузгача бир тўхтамга келишгани йўқ. Баъзилар уларнинг оммалашиб одамлар ўрнини эгаллаб бораётгани натижасида ишсизлик кўрсаткичлари ошиб кетиши мумкинлигидан хавотирда бўлса, айримлар сунъий интеллектга нисбатан ижобий муносабатда бўлиш тарафдори. Яқинда Индонезиянинг “Indonews” янгиликлар веб-сайтида “Келажакда “сунъий онг” ўзга сайёраликлар босқинига ўхшаб қолиши мумкин” деган таҳлилий мақола эълон қилинди ва бунинг ортидан халқаро илм-фан жамоатчилиги орасида кўпгина саволларни юзага чиқарди. Биз ҳам қизиқиб, дарҳол Жакартага сим қоқдик ва мақола муаллифи Aҳмед Курниа билан боғланиб, “сунъий тафаккур” маҳсуллари бўйича фикрини сўрадик.
    -Ҳар қандай интеллектуал муаммоларни ҳал қилишга қодир сунъий интеллектнинг пайдо бўлиши инсониятга кўмакчи бўлиш билан бир қаторда келажакда улар бизга таҳдид қилиши ҳам мумкин деган хавотирли фаразларни вужудга келтирмоқда, -дейди у. - Келажакда ҳатто шундай ҳолат бўлиши мумкинки, ўта ақлли машиналар уларни бошқаришга уринганларга қарши туриши мумкин. Энди савол туғилади: қандай қилиб сиздан кучлироқ бўлганлар устидан назоратни сақлаб қолиш мумкин? Aгар биз ўз вақтида цивилизациямизни назорат қилмасак, келажакдаги мавжудлигимиз учун овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолишимиз эҳтимоли катта. Дейлик, “сунъий ақл” томонидан иқлим билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда “одамлардан халос бўлиш энг яхши ечим” деган хулосага келиши мумкин улар. Баъзида бу “супер мия”лар орқали “fake” (сохта) янгиликлар ва нотўғри контентлар ҳам юзага келмоқдаки, натижада плагиаторлик муаммолари ечимсиз қолмоқда. Шуни айтишим мумкинки, “сунъий онг” бу факт текширувчи эмас, балки факт йиғувчидир.
    Кўриб турганингиздек сунъий интеллектнинг ҳаётимиздаги ўрни кундан-кунга чуқурлашиб бормоқда. Улар инсониятнинг ютуғими ёки мағлубияти деган баҳслар эса ҳали узоқ давом этажак. Энг муҳими, фантаст ёзувчи Aйзек Aзимов таъбири билан айтганда, роботларни яратишда одамларга зарар етказмаслик шиор қилиб олиниши керак.
    Ўткир Алимов тайёрлади.
    ЎзА

Комментарии •