Ўзбекистон халқ артисти Зикир Муҳаммаджоновни хотиралаб | Sog'inch: Zikir Muhammadjonov

Поделиться
HTML-код
  • Опубликовано: 1 окт 2024
  • "Соғинч" кўрсатуви
    "Ўзбекистон" телеканали
    1938 йил… Оддий кунларнинг бирида ўз даврининг етакчи театр режиссёри Маннон Уйғур кўчада тасодифан кўркам йигитчани гапга тутиб, унинг жавобларидан қониққани сабаб, театрга етаклаб келмаганида ХХ аср ўзбек саҳна маданияти яна бир забардаст актёрни кашф этмаган бўлармиди?! Ҳар нечук мана шу тасодифий, шу билан бирга бахтли учрашув Зикир Муҳаммаджоновнинг театр саҳнасига кириб келишига сабаб бўлди. Театрда режиссёр Етим Бобожонов билан биргаликда ўтказилган синовдан сўнг уни оммавий саҳналарда синаб кўришга келишилди. Режиссёрларнинг ички сезгилари алдамаганди. 1921 йил 1 январда дунёга келган бу истеъдод эгаси тез орада театр ва кино актёри сифатида эл эътирофига тушди, хизматлари муносиб тақдирланди. Ўзбекистон халқ артисти, “Дўстлик”, “Буюк хизматлари учун” орденлари совриндори сифатида танилди. Зикир Муҳаммаджонов чет эл киностудиялари билан ҳамкорликдаги фильмларда ҳам суратга тушиб, ўзбек театри ва киносини дунёга танитди. Мамлакат раҳбарияти унинг узоқ йиллик хизматларини эътироф этиб, энг олий мукофот Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирлади.
    Зикир Муҳаммаджонов кенг қамровли актёр эди. Унинг саҳна санъати, кино ва телевидениеда яратган 100 дан ортиқ образларининг ҳар бири катта маҳорат ва меҳнат натижаси эди. Актёр ижодий биографиясида эътиборга молик образлар жуда кўп. Фердинанд (“Макр ва муҳаббат”), Жалолиддин (“Жалолиддин Мангуберди”), Деҳқонбой (“Шоҳи сўзана”), Абдуллатиф (“Мирзо Улуғбек”), Навоий (“Алишер Навоий”), Горацио (“Ҳамлет”), Кассио (“Отелло”), Ҳамза (“Ҳамза”), Фурқат (“Фурқат”), Беруний (“Абу Райҳон Беруний”), Эдигей (“Асрга татигулик кун”), Самандар (“Самандар”), Синтаро (“Ўғирланган умр”), Октавия Цезарь (“Юлий Цезарь”), Жабборов (“Парвоз”), Юсуфбек ҳожи (“Ўткан кунлар”), Мирзакаримбой (“Қутлуғ қон”) каби ролларида Муҳаммаджоновнинг ўзига хос ижод нафаси овозидаги жўшқин эҳтирос, фикран теранлик ва вазминлик билан тўлдирилиб, актёрнинг ўзигагина хос имконият кучи намоён бўлган. Муҳаммаджонов бир қанча фильмларда яратган образлари, хусусан, Мақсуд (“Фидойи”), профессор Каримов (“Кониют ғopининг сири”), Шоҳ Баҳром (“Дилором”), Жунаидхон (“Узоқ-яқин йиллар”), Юсуф (“Алибобо ва қирқ қароқчи”) ва бошқаларда ўзининг кенг диапазонли актёр сифатидаги истеъдодини ёрқин намоён эта олган. Актёр видеофильм ва телеспектаклларда ҳам бир қанча образлар яратган: Улуғбек (“Улуғбек хазинаси”), Ҳусайн Бойқаро (“Алишер Навоий”), Исомиддин ака (“Ер фарзанди”), профессор Комилов (“Имон”) ва бошқалар шулар жумласидандир. Муҳаммаджонов яратган образлар кучли психологик драматизми, романтик кўтаринкилиги билан ажралиб туради.
    У уруш йиллари фаолиятини заводда, ишлаб чиқариш дастгоҳлари олдида давом эттирди. Кунига 18 соатлик меҳнат уни янада чиниқтирди. Айнан шу ерда халққа хизмат олий бурч эканлигини дилдан ҳис қилди. Уруш ўрталарига келиб, ҳукумат топшириғига кўра ишлаб чиқаришда банд бўлган қатор актёрлар театрга қайтди. Ҳасан Юнусов, Файзи Ҳасановлар қатори Зикир Муҳаммаджонов ҳам театрга қаҳрамонлиги мавзусидаги асарлар билан бойитишга киришилган эди. Шу йиллари саҳналаштирилган “Жалолиддин Мангуберди” спектаклида актёрга Темур Малик образини яратиш топширилди. Бу актёрнинг дастлабки мустақил образи эди. Айнан мана шу роль ижроси Зикир Муҳаммаджоновнинг келгусидаги ижодий тақдирини белгилаб берди.
    Уруш тугагач, Тошкентда Ўрта Осиёда биринчи актёрлар тайёрлайдиган олийгоҳ - Театр ва рассомлик институтини ташкил этиш юзасидан ҳаракатлар бошланди. Зикир Муҳаммаджонов устози Маннон Уйғур тавсиясига кўра шу институтнинг биринчи талабалари орасидан ўрин олди. 1949 йилда институтни муваффақиятли тугаллаган Зикир Муҳаммаджонов, Яйра Абдуллаева, Эркли Маликбоева, Ирода Алиева, забардаст режиссёр Тошхўжа Хўжаев- лар театрга кириб келишди ва улар ҳисобига труппа анча кенгайди. Ушбу янгиланиш Ҳамза номидаги театр фаолиятида янги саҳифа очди. 1952 йилда Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” асарида бош қаҳрамонлар образлари Деҳқонбой - Зикир Муҳаммаджонов, Ҳафиза - Яйра Абдуллаевага топширилди. Ҳаётда айнан Деҳқонбой сингари халқни янгиликка, меҳнат қаҳрамонликларига чорлай оладиган ёшларга эҳтиёж катта эди. Шу маънода ушбу асар 50-йиллар ўрталаридаёқ ёшларни ҳаракатга ундагани билан эътиборли бўлди.
    А. Мухтор асарлари асосида режиссёрлар Х.Аппонов ва Б.Йўлдошевлар томонидан саҳналаштирилган “Самандар” спектаклидаги Самандар Саидов ва “Саҳро тор” спектаклида Заргаров образларини З.Муҳаммаджонов жонлантиради. Бу образлар талқини актёр ижодида беш йиллик танаффус билан ажралиб турса-да, ҳар икки характер ўртасида замондош қаҳрамонга хос ички муносабат ва тадрижий ривожланишни сезиш мумкин.
    Хусусан, Самандар Саидов меҳнат одами. Унинг ахлоқий қарашларидаги кучлилик ва айни пайтда заифлик ҳам шунда. Ҳаётда ҳамма нарсага ўз меҳнати билан эришган, ўзининг ҳақлигини меҳнат билан исботлашга бел боғлаган шахс. Актёр қаҳрамоннинг ички дунёсига кўпроқ эътиборни қаратади.

Комментарии • 4