Усмон Азим - Дашт ҳақида баллада

Поделиться
HTML-код
  • Опубликовано: 27 сен 2024
  • Севимли шоиримиз Усмон Азимнинг "Дашт ҳақида баллада" шеъри. Шеър завқидан баҳра олинг!
    ДАШТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
    Тоғлар кичирайди. Пасайди осмон.
    Яшаб бўлмайди-ку, ахир энгашиб...
    Жўнадим баландроқ осмонлар томон -
    Ортимдан Бойсуннинг дашти эргашди...
    Мени ишонмади уфқларга у,
    Дош бериб тезликнинг шамолларига
    Ортимдан югурди, югурди ёҳу,
    Қоқилиб темир йўл шпалларига.
    Вагонга чиқазиб қай бир бекатда.
    Койидим:- Бу ишдан зарра йўқ маъни!..
    У руҳсиз чўзилди тепа қаватга,
    Билетсиз ва пулсиз йўловчи каби.
    Сўнг шаҳар кўчаси, хиёбонлари
    Аро кездим - жойлаб дилимга уни -
    Одаму машина оломонлари
    Топтаб кетишмасин куп-кундуз куни.
    Давру даврон сурдим ҳар ҳафта кўчиб,
    Ижара уйларнинг шавқи ёдимда!
    Қаттиққўл хўжайин кўзидан чўчиб,
    У беун яшади менинг ёнимда.
    Муҳаббат ловуллаб кирди юракка,
    Илк бора аламли сўзлар тингладим.
    Юзларимни босиб хору хашакка,
    Даштимни қучоқлаб тунлар йиғладим.
    Баҳорда кўкариб, кузда сарғайиб,
    Сукунату қорга ўраниб қишда,
    Ғўра шеърларимга боқди мунғайиб...
    Хуллас, содиқ бўлди ҳар эзгу ишда!
    ...Аммо, нима қилиб қўйди бу йиллар!
    Гарчи мен, мунаққид айтгандай, "ўсдим"-
    Ўртамизга кирди қай айёр жинлар,
    Кўп хона уйимга сиғмайди дўстим.
    Ялинаман унга:
    - Бор, Бойсуйга бор!
    Шаҳарга ярашмас саҳройи сўхтанг.
    Борсанг - шамол тайёр, ёмғир ҳам тайёр,
    Тоғлар орасида яшайсан кўркам.
    Панду насиҳатлар бериб толаман,
    Алдайман:
    - Юр, кетдик ифор тергани...
    Ҳар баҳор довдираб Бойсун бораман,
    Бойсўнга даштини ташлаб келгани...
    Қайтаман. Аммо дашт сезиб улгурар...
    Дош бериб тезликнинг шамолларига,
    Ортимдан ҳаллослаб, шошиб югурар,
    Қоқилиб темир йўл шпалларига.
    Уйимга гезариб кириб келаман,
    Мени асра энди, инглизча қулф!
    Шундоқ остонада дашт қолар гаранг,
    Эшикка термулиб " уф" тортади... Уф!
    Мана, тонг чоғида ишга кетаяпман.
    Юрак, азобдасан - қандай дард эзар?
    Жунжикиб, эгасиз ит каби ғамгин
    Вокзал майдонида ёлғиз дашт кезар...
    Усмон Азим

Комментарии • 10