juma 22.04.2022 Qori alam bobo

Поделиться
HTML-код
  • Опубликовано: 3 май 2022
  • #QoriAlambobo #UsmonSaidBobo #jome #masjid #milliyStudio #gurlan #oqibatuz
    ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ
    Муҳтарам жамоат! Маълумки, Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Қадр кечасини шу ойда бўлишидир. Қадр кечасининг улуғлиги ва ундаги ажр-савобларга йилнинг бошқа ойларидаги бирор-бир кеча тенг кела олмайди. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни зикр қилиб, “улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бу муддат давомида бир кўз очиб юмгунча ҳам гуноҳ иш қилмаганлар” деганларида саҳобаи киромлар бундан ғоятда ажабландилар. Шунда Расулуллоҳнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматингиз шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деб, қуйидаги Қадр сурасини ваҳий орқали тушурганлар:
    Муҳтарам азизлар! Шу ўринда Рамазоннинг саховат ойи эканини яна бир бор ёдга олсак. Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш мўминнинг оғирини енгил қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
    وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي هَذَا الْمَسْجِدِ يَعْنِي مَسْجِدَ الْمَدِينَةِ شَهْرًا، ...وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ
    (رواه الإمام الطبراني)
    яъни: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди)” (Имом Табароний ривояти).
    Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир.
    Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар орасида қийинчиликларга учраган кишиларга дуч келамиз. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида ҳам моддий ҳам руҳий кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади. Қолаверса, бундан хайрли ишларни нафл ибодатга фарзни савоби бериладиган ва фарз ибодатга етмишта фарзни савоби бериладиган Рамазон ойида қилсак айни муддао бўлади.
    Азизлар! Мавъизамиз давомида намоздаги аввалги сафга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафда намоз ўқишнинг фазилати ҳақида шундай деганлар:
    “Агар одамлар азон ва биринчи сафда қандай савоб борлигини билиб, кейин унга қуръа ташлашдан бошқа илож топилмаса, шубҳасиз, қуръа ташлаган бўлардилар...” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
    Яъни, қуръа билан бўлса ҳам, биринчи қатордан жой олардингиз, дейилмоқда. Ўзини аввалги сафлардан орқага тортаётган кишиларни кўриб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари ёдимизга тушади: “...Бир қавм доим ўзини орқага тортаверади, Аллоҳ ҳам уларни орқага суриб қўяди”, - дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Байҳақий ривоятлари). Шунинг учун ким масжидга биринчи келса, аввалги қатордаги бўш жойларни тўлдириб бориши керак бўлади. Ўзини орқага тортиб, охирги сафга ўтириб олиш - суннатга хилофдир.
    Сафда турганлар сафни тўғри тутиш билан бирга, ораларида очиқ жой қолдирмасликлари керак. Агар сафда бир киши сиғадиган миқдорда очиқ жой бўлса, уни орқадаги киши тўлдириши керак бўлади. Олдинги сафда очиқ жой бўла туриб, намоз ўқиш макруҳдир. Намозга киришгандан кейин олдинги сафда очиқлик пайдо бўлса, уни тўлдириш мақсадида олдинга юриш ҳар бир рукн (қиём, рукуъ)да икки қадамдан ошмаслиги шарт. Агар ошса, намоз бузилади.
    Саф борасида яна бир қанча ҳолатлар борки имомга иқтидо қилишдан тўсади:
    Имом билан иқтидо қилувчи ўртасида арава (машина) ўтадиган умумий йўл бўлса; Яъни, уларнинг ўртаси камида уч кишидан иборат саф билан боғланиши керак. Агар ўртани уловчи саф бўлмаса, йўлнинг нариги томонидагиларнинг иқтидоси дуруст эмас, натижада намози ҳам бекор бўлади.
    Имом билан иқтидо қилувчи ўртасида қайиқ ўта оладиган ариқ бўлса; Яъни, уларнинг ўртаси камида уч кишидан иборат кўприк устидаги саф билан боғланиши керак. Агар ўртани уловчи кўприк орқали боғловчи саф бўлмаса, ариқнинг нариги томонидагиларнинг иқтидоси ва намози дуруст эмас.
    Очиқ жойларда, жумладан, масжид ҳовлисидан ташқаридаги сафлар ўртасида икки саф сиғадиган миқдорда бўш жой бўлиши; Яъни, масжиднинг ҳовлиси (дарвозаси)дан ташқарида туриб иқтидо қилувчилар билан масжид ҳовлисида иқтидо қилганлар ўртасида икки саф сиғадиган миқдорда узилиш пайдо бўлса, масжиддан ташқарида турувчиларнинг иқтидоси ва намози дуруст бўлмайди.

Комментарии • 1